БМТ: Хусусий секторда ноқонуний мажбурий меҳнат йилига 236 миллиард доллар даромад келтиради

Хусусий секторнинг мажбурий меҳнатидан олинадиган ноқонуний фойда ҳар йили дунё миқёсида 236 миллиард долларгача ўсди. Бу ҳақда БМТ Халқаро меҳнат ташкилотига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.

Хусусий иқтисодиётдаги мажбурий меҳнат йилига 236 миллиард доллар ноқонуний фойда келтиради. Мажбурий меҳнатдан тушган умумий ноқонуний даромадлар 2014 йилдан бери 64 миллиард долларга ёки 37 фоизга ошган. Бу ўсиш ҳам меҳнатга мажбурланганлар сонининг кўпайиши, ҳам жабрдийдаларнинг эксплуатациясидан тушган даромаднинг ошиши билан боғлиқ, дейилади у.

Мутахассисларнинг фикрича, одам савдогарлари ва жиноятчилар ҳар бир ноқонуний эксплуатация қурбони учун тахминан 10 минг доллар олади – 10 йил аввал бу кўрсаткич 8,2 минг долларни ташкил қилган.

Мажбурий меҳнатдан энг юқори йиллик ноқонуний даромад Европа ва Марказий Осиёда (84 миллиард доллар) олинади. Ундан кейин Осиё-Тинч океани минтақаси (62 миллиард доллар), Америка (52 миллиард доллар), Африка (20 миллиард доллар) ва араб давлатлари (18 миллиард доллар) бормоқда.

Аниқлик киритилишича, мажбурий тижорий жинсий эксплуатация умумий ноқонуний даромаднинг учдан икки қисмидан кўпроғини (73%) ташкил қилади. Бу мажбурий меҳнат қурбонлари умумий сонининг 27 фоизини ташкил қилади.

Саноат мажбурий меҳнатдан 35 миллиард доллар фойда олади. Ундан кейин хизматлар (20,8 миллиард доллар), қишлоқ хўжалиги (5 миллиард доллар) ва уй ишлари (2,6 миллиард доллар) туради. Ушбу ноқонуний даромадлар ишчиларга тўланиши керак бўлган иш ҳақини ифодалайди, лекин бунинг ўрнига мажбурлаш амалиёти натижасида уларнинг эксплуататорларида қолади.

2021 йилда ҳар куни 27,6 миллион киши мажбурий меҳнатга жалб қилинган. 2016 йилдан 2021 йилгача мажбурий меҳнатга жалб қилинганлар сони 2,7 миллион кишига ошди, дея қўшимча қилди экспертлар.

Янгиликлар