Қозоғистон дон ва ун экспортига чеклов ўрнатди

Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазири Ербол Карашукеев буғдой ва ун экспорти учун квоталарни жорий этди.

Келтирлишича, вазир 2022 йил 16 апрелдаги 110-сонли «Қозоғистон Республикаси ҳудудидан маълум товарларни олиб чиқишнинг айрим масалалари тўғрисида»ги буйруғига асосан экспортга чеклов жорий қилган. Айни пайтда буйруқ давлат рўйхатидан ўтказиш учун Адлия вазирлигига юборилган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбари аввалроқ дон ва ун экспортига чеклов икки ҳафта ичида жорий этилиши ва 15 июнгача давом этишини айтганди. Шу тариқа Қозоғистон мазкур даврда 1 миллион тонна ғалла ва 300 минг тонна ун сотиши мумкин. Шу билан бирга, ишлаб чиқарувчилар экспорт қилинадиган маҳсулот ҳажмининг 10 фоизини ички бозорга арзонлаштирилган нархларда, яъни 100 минг тонна дон ва 30 минг тонна унни етказиб бериши шарт.

Вазир бу ун ва дон экспорт қилувчиларнинг ҳуқуқларини чекламаслиги, чунки сўнгги 5 йилдаги экспорт динамикаси ойига ўртача 100–120 минг тоннага яқин ун экспорт қилинганини кўрсатишини айтган. Бу эса 300 минг тонна ун учун ажратилган квоталар экспорт қилувчиларнинг зарар кўрмаслиги учун етарли эканини англатади. Қозоғистондан ўртача ойлик дон экспорти 500 минг тоннани ташкил қилади.

Янгиликлар