Самарқандда МИБнинг 120 нафардан зиёд собиқ ходими ишга жойлаштирилди
Ижтимоий тармоқларга 19 август куни Мажбурий ижро бюросининг Самарқанд вилояти Нарпай тумани бўлими собиқ ходимлари номидан «Тилхат ёздиришяпти, ҳолбуки бизга иш таклиф қилинмади» мазмунидаги хабар жойлаштирилган. Кейинчалик бюро ушбу хабарни рад этди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси «Tez News»га хабар берди.
Маълум қилинишича, 19 август ҳолатига кўра, бюронинг Самарқанд вилояти бошқармаси тизимида хизмат қилган 125 нафардан зиёд ходими ишга жойлаштирилган.
Қайд этилишича, 2020 йил 18 июнь куни Шавкат Мирзиёевнинг «Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» ги ПФ-6010-сонли фармонига асосан 2020 йил 1 августдан МИБ органларининг электр энергияси ва табиий газ истеъмолини назорат қилиш соҳасидаги вазифалари тугатилган. Шу муносабат билан мазкур йўналишда фаолият олиб бораётган бир қанча ходимлар иш берувчи томонидан меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақида ёзма равишда огоҳлантирилган.
Фармоннинг 4-бандида «Электр энергияси ва табиий газ учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилиши бўйича вазифалар ўтказилиши муносабати билан ‘Ҳудудий электр тармоқлари’ ва ‘Ҳудудгазтаъминот’ AЖларнинг тузилмалари фаолиятига қўшимча жалб қилинадиган ходимлар, биринчи навбатда, мазкур банднинг тўртинчи хатбошисига мувофиқ қисқартирилаётган бюро ходимлари ҳисобидан тўлдирилади», деб белгиланган. Бюро раҳбарияти ҳамда номлари қайд этилган таъминотчи корхоналар томонидан ўзаро ҳамкорликда амалий ишлар олиб борилаётгани қайд этилган.
Aввалроқ 1 августдан Мажбурий ижро бюросининг қатор ваколатлари бошқа ташкилотларга ўтказилгани ҳақида хабар берилди. Кейинчалик Aндижонда МИБ ходими ва фуқаро қарийб 73 миллиом сўмни талон-торож қилгани маълум қилинди.