Монополияга қарши кураш қўмитаси «Ravon»нинг Россиядаги нархлари ҳақидаги ахборот манбаларини ошкор этди

Тошкент шаҳар маъмурий судида 16 октябрь «UzAuto Motors» ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси иши бўйича учинчи суд мажлиси бўлиб ўтди. Даъвогарнинг илтимосномасига кўра 9 октябрда судья Ғолиб Давлатов қўмитага март ойида Вазирлар Маҳкамасига киритилган таҳлилий маълумотлар учун асос бўлган ахборот манбасини тақдим этишни топширган ва айнан шу маълумотнома автоконцернни текшириш учун комиссия тузилишига сабаб бўлганди.

Ўтган суд мажлисида «UzAuto Motors» текширувни ташкил этиш учун Монополияга қарши кураш қўмитаси тақдим этган маълумотларнинг ҳақиқатга тўғри келмаслигига оид эътироз билдирган. 16 октябрь куни қўмита вакиллари таянган ахборот манбалари орасида автодилерлар нархномаларидан кўчирмалар эмас, балки жумладан Россияда танилмаган автосалонлари сайтларидан олинган 2015—2016 йиллардаги скриншотлар бўлган. Компания фаолият юритадиган бозорлардаги нархларни солиштириш учун Монополияга қарши кураш қўмитаси нега расмий рақамлардан (кейинроқ судда маълум бўлишича, улар қўмита сўровига кўра «Ўзавтосаноат» АЖ томонидан олдинроқ тақдим этилган) фойдаланмаганлиги номаълум.

Суд Монополияга қарши кураш қўмитасидан Россиядаги бирламчи ахборотни қаердан олганлигини сўраганда қўмита таҳлилчилари бу ҳақда «Россиядаги танишларидан» билганлиги маълум қилган. «UzAuto Motors» вакиллари судга тақдим этган ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, «Ўзавтосаноат»нинг Монополияга қарши кураш қўмитасига юборилган ва суд ишида фойдаланилаётган маълумотлар хатининг иловаси алмаштириб қўйилганлигини аниқлади.

«UzAuto Motors»нинг ишчи ўринлари яратмаганлиги, таннархни пасайтириш қуйи даражада эканлиги борасидаги эътирозлари бўйича қўмитанинг хулосалари жавобсиз қолган.

Мажлис доирасида Бизнес-омбудсман 17 сентябрда Монополияга қарши кураш қўмитасига йўлланган, ноқонунийлиги ва амалдаги қонунчиликка мувофиқ келмаслиги, жумладан, «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонун меъёрларини бузиши туфайли Монополияга қарши кураш қўмитасининг қарорини бекор қилиш ҳақидаги бевосита кўрсатмаси ўқиб эшиттирилди.

Бунга жавобан Монополияга қарши кураш қўмитаси шундай ҳужжат борлигини тан олиб, оғзаки равишда Бизнес-омбудсман вакиллари билан музокара ўтказилгани, бу музокаралар давомида Бизнес-омбудсман ўзи чиқарган ҳужжатнинг асоссизлигини эътироф этганини маълум қилган.

Кейинги муҳокамалар суд ва томонлар аризачининг тижорат сирини ташкил қилувчи ахборотни ўрганишлари учун ёпиқ режимда давом этган.

Янгиликлар