Тошкентда жамоат транспортида бепул тарқатилаётган қўлқоплар кимнинг ҳисобидан сотиб олинаётгани маълум қилинди

АОКАда 19 октябрь куни «Тошкент шаҳар транспорт хизмати» масъуллари иштирокида брифинг ўтказилди. Унда жамоат транспортида бепул тарқатилаётган қўлқоплар кимнинг ҳисобидан сотиб олинаётгани ҳақида тўхталиб ўтилди.

«Қўлқоплар транспорт корхоналари ҳисобидан харид қилинмоқда. Ҳар бир қўлқоп 56 сўмдан айланмоқда. У 1400 сўмлик йўлкиранинг 4 фоизини ташкил қилади», — дейди «Тошшаҳартрансхизмат» раҳбари Анвар Жўраев.

Аввалроқ Транпсорт вазирлиги томонидан Тошкентда жамоат транспорти йўловчиларига тиббий қўлқопда бўлиш талаби қўйилиб, бу ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлганди. Хусусан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирусдан ҳимояланишда самарасиз деб топган тиббий қўлқоплардан фойдаланиш нега мажбурий қилингани, уни харид қилиш кимнинг ҳисобидан амалга оширилиши ҳақида саволлар туғилган. Кейинчалик вазирлик тиббий қўлқоплар йўловчиларга бепул тарқатилишини маълум қилган.

Маълумот учун, АОКАда 2020 йил 16 август куни Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Шуҳрат Боймуродов иштирокида бўлиб ўтган брифингда COVID-19 инфекциясидан резинали қўлқоплар ёрдамида ҳимояланиш самара бермаслиги таъкидланганди.