Бухорода таркибида олтин зарралари бор тошларни қайта ишлайдиган яширин цех очган шахс аниқланди

Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида тиллафурушлар фаолиятига чек қўйилди.

Маълум қилинишича, Бухоро вилояти ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда «Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамиятининг Шофиркон тумани бўлими ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.

Натижада Шофиркон тумани Назаробод қишлоғида яшовчи 31 ёшли И.У. ўзининг яшаш хонадонида яширин цех ташкил этиб, тегишли шартномалар тузилишини таъминламасдан, таркибида олтин зарралари мавжуд бўлган тошларни майдалашга мўлжалланган, қуввати 18,5 киловатт бўлган ускунани электр тармоғига ноқонуний улаб фойдаланиб келаётгани аниқланган.

«O‘zenergoinspeksiya» Бухоро ҳудудий бўлими мутахассисларининг берган хулосасига кўра, ушбу фуқаро томонидан умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўз бошимчалик билан уланиб 383,62 кВт/соат электр энергиясидан ноқонуний тарзда фойдалангани натижасида давлат манфаатларига 130,8 миллион сўмлик зарар етказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 185 /2-моддаси 2-қисми (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар