Депутатлар Ўзбекистоннинг 2026-йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Ўзбекистоннинг 2026-йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди, деб хабар қилди парламент қуйи палатаси матбуот хизмати.

Таъкидланишича, қонун лойиҳасида Ўзбекистон иқтисодиётида ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиш суръати 2026-йилда 6,6 фоизга ошиб, аҳоли жон бошига 4026 долларни ташкил этиши кўзда тутилмоқда.

Ўсиш суръатлари эса, саноатда 6,4 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,2 фоиз, бозор хизматларида 14,5 фоиз, қурилишда 10,2 фоиз бўлиши прогноз қилинган. Инфляция даражасининг кўрсаткичи камайиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, 2026-йилда консолидациялашган бюджет даромадлари прогнози 515,4 трлн. сўм, харажатлари прогнози 567,0 трлн. сўм миқдорида, консолидациялашган бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3,0 фоиз, ташқи қарзнинг чекланган ҳажми жорий йилга нисбатан камайиб, 5,0 млрд. АҚШ доллари миқдорида белгилаш кўзда тутилган.

Лойиҳада кейинги йилда ижтимоий соҳа учун ажратилган маблағлар 220 трлн сўмни ташкил этиб, улар умумий харажатларнинг деярли 55 фоизини ташкил қилаётгани акс этмоқда.

Хусусан, давлат раҳбари томонидан ислоҳотларнинг энг устувор йўналиши сифатида белгилаб берилган таълим сифатини ошириш, аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш учун Давлат бюджети харажатларининг 25,5 фоизи миқдоридаги маблағлар таълим ва фан соҳаси, 12,1 фоизи соғлиқни сақлаш ҳамда 4,2 фоизи аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш жами харажатлари учун ажратилиши ўз ифодасини топгани депутатлар эътиборида бўлди.

Сиёсат