«Масала, аввало, маҳаллада ҳал бўлсагина, одамлар рози бўлади» — Шавкат Мирзиёев

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Олот тумани марказида Олот, Қоракўл, Жондор ва Шофиркор туманлари фаоллари, маҳалла раислари билан учрашди. Учрашувда ўтган йили содир бўлган табиий офат ёдга олинди, дея хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Фото: Президент матбуот хизмати

«2020 йил Ватанимиз учун, шу жумладан, Бухоро вилояти учун жуда катта синовлар йили бўлди. Бу ерда юз берган табиий офат иқтисодиётга, инфратузилмага, одамлар 30–40 йиллаб қурган уйларига катта талафот етказди. Биз халқимизнинг сабр-тоқати, бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги билан бу балолардан қудратли бўлиб чиқамиз, деб ният қилгандик, мана, шу натижаларга эришдик», — деди Президент.

Қайд этилишича, ҳеч бир оила эътиборсиз қолдирилмагани таъкидланди. Хусусан, «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида Олот, Қоракўл ва Жондордаги эҳтиёжманд оилаларга қарийб 14 миллиард сўм моддий ёрдам кўрсатилган. Йиғилишда аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилиши, бунинг учун қуйи тизимдаги раҳбарлар уйғониши, жон куйдириши кераклиги айтилган.

«Бугун бу ерга келишимдан мақсад — халқимизни кўпроқ эшитиш, эртанги марраларни белгилашда тўғри йўл тутиш. Туман ҳокимлари ва маҳалла раислари ўзларини қийнаётган муаммоларни очиқ-ойдин айтиб, уларнинг ечими бўйича таклифларини билдирса, ниятимиз амалга ошади. Маҳалла раиси қачон обрўли бўлади? Халқ дардини раҳбарларга лўнда қилиб қўйса. Ҳамма масала аввало маҳаллада ҳал бўлсагина одамлар рози бўлади», – деди давлат раҳбари.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, ҳудудларни ривожлантириш дастури ҳамда камбағалликни қисқартириш режалари маҳаллабай тизим асосида ишлаб чиқилиши таъкидланган. Бундан ташқари, 2021 йил ёшлар ва оилавий тадбиркорлик лойиҳалари учун Қоракўл туманига 36 миллиард сўм, Олот туманига 21 миллиард, Жондор туманига 49 миллиард сўм маблағ ажратилади. Қоракўл касб-ҳунарга ўқитиш марказида 980 нафар ишсиз ва чет элда ишлаш истаги бўлган фуқаролар турли касбларга ўқитилади. Шу билан бирга, 2021-2022 йилларда Олотда 42 та, Қоракўлда 56 та, Жондорда 67 та лойиҳа амалга оширилиб, 3 мингта доимий иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Хусусан, Олотда лойиҳа қиймати 20 миллион доллар бўлган логистика маркази, Қоракўлда олтингугуртни қайта ишлаш корхонаси, Жондорда керамик плиталар ишлаб чиқариш объекти ишга туширилади. Кичик саноат зоналари ташкил этилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

«Қишлоқ хўжалигида ҳам фойдаланилмаган имкониятлар бор. Жорий йилда 18 километр мелиорация тармоқлари қурилиб, Жанубий Олот хўжаликлараро коллектори реконструкция қилинади. Натижада фойдаланишдан чиққан ерлар қайта ўзлаштирилиб, бозорбоп маҳсулотлар етиштирилади», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида Бухоро вилоятига ташриф буюрган. Шунингдек, Президент Бухорода табиий офатдан зарар кўрган аҳоли билан мулоқот қилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар