Тадбиркорлик субъектларининг офисга эга бўлиши бўйича талаб қайта кўриб чиқилади

Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев қўмита тадбиркорлик субъектларининг камида 18 квадрат/метр майдонга эга офиси бўлиши кераклиги талабини ўзгартириш бўйича ечим ишлаб чиқишини таъкидлади.

Шерзод Кудбиев буни 17 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилган. Аввалига қўмита раиси бу талаб олдиндан мавжуд бўлганини таъкидлаган.

«600–700 та компания битта кичкина офисда рўйхатдан ўтяпти. Бу тўғрими ёки нотўғрими? Биз кимни алдаяпмиз? Ёки жуда катта тадбиркорлик субъектларининг манзилини қарасангиз, 600–700 та корхона рўйхатдан ўтган. Бемалол рўйхатдан ўтказаверинг. Лекин бизда амалда бўлган шаҳарсозлик нормалари бор. Битта одамга, ишловчига камида 6 квадрат/метр тўғри келиши керак. Бу қоида кеча ёки илгариги куни пайдо бўлгани йўқ. Йиллар давомида бўлиб келган. Шунчаки, биз бу қоидани текширишни бошладик. Рискларни аниқлаш тизими ҳудди шундай 18 та омилни автоматик равишда ҳисоблаб боради», — деган Шерзод Кудбиев.

Шунингдек, қўмита раиси қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлмаган корхоналарнинг офиси бор йўқлиги текширилмаслигини қайд этган. Маълумот учун, ҚҚС тўловчиларни солиқ органларида махсус рўйхатдан ўтказишда солиқ хавфи даражасини аниқлаш мақсадида солиқ органлари уларнинг жойлашган жойи манзилини ўрганишига руҳсат берилган.

Қўмита Ўзбекистонда ўрнатилган шаҳарсозлик меъёрлари бўйича ишчи хона ва кабинетлар 1 штат ходимига камида 6 квадрат/метр майдон тўғри келиши ҳисобидан лойиҳаланишини, юридик шахснинг раҳбари камида 3 нафар ходимга эга бўлиши ҳисобга олинса, биноларнинг (офис) минимал майдони 18 квадрат/метрдан кам бўлмаслиги кераклигини маълум қилган. Таъкидланишича, бу меъёр реал иқтисодий фаолиятни амалга оширмайдиган субъектларни аниқлаш учун керак.

Эслатиб ўтамиз, Солиқ қўмитаси ҳозирда солиқ рискларини назорат қилиш учун автоматлаштирилган «Таҳлил-таҳлика» тизимидан фойдаланмоқда. Бу тизим тадбиркорларни улар томонидан қоида бузилишига қараб кам, ўрта ва юқори рискли корхоналар гуруҳига ажратади.

Юқорида таъкидланган 18 квадрат нотурар жой майдонига эга бўлмаган корхоналарни тизим солиқ риски баланд (шубҳали) корхона сифатида кўрсатади. Бу эса ўз навбатида мазкур корхоналарнинг қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган бошқа корхоналар билан ҳамкорлик қилишида муаммо туғдиради.

Матбуот анжумани иштирокчилари Шерзод Кудбиевга офисга эга бўлмай, онлайн шаклда амалга ошириладиган фаолият турлари, айниқса, пандемия даврида ривожланганини таъкидлаган. Юқоридаги офисга эга бўлиш бўйича мажбурият бундай компанияларнинг ишлатилмайдиган, бўм-бўш офис учун пул тўлашга мажбур қилаётгани айтилган.

Шерзод Кутбиев эса бунга жавобан Солиқ қўмитаси баъзи фаолият турлари билан шуғулланувчи корхоналарни офисга эга бўлиш мажбуриятидан озод қилиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқишини айтган.

Қўмита раисининг таъкидлашича, ҳозирги кунда 168 минг 476 та қўшилган қиймат солиғи тўловчиси гувоҳномаси олган тадбиркорлик субъектлари мавжуд. Шулардан 114 мингтасининг гувоҳномаси фаол ҳолатда. 33 минг 735 тасининг фаолияти вақтинча тўхтатилган. 18 минг 733 та корхонанинг гувоҳномаси тугатилган (ёки бошқа солиқ шаклига ўтган ёки банкрот бўлган) ва 1988 та корхонанинг гувоҳномаси бекор қилинган.

Янгиликлар