Афғонистондаги қуролли ҳужум оқибатида Ўзбекистон фуқароси яраланди

Афғонистоннинг Балх провинцияси Хайратон шаҳарчасида 20 август куни содир бўлган қуролли ҳужумда ўзбекистонлик фуқаро жароҳатланди. Бу ҳақда «ATN News» хабар берди.

Номаълум шахслар томонидан 20 август куни тонгда транспортга бўлган ҳужум оқибатида Афғонистон қўриқлаш кучларининг бир нафар зобити ҳалок бўлган, бир нафар ўзбекистонлик яраланган. Маълум бўлишича, ўзбекистонлик фуқаро «Хайратон—Мозори-Шариф» темир йўл лойиҳаси ходими бўлган.

Ҳолат юзасидан 20 август куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Афғонистон ташқи ишлар вазири Ханиф Атмар билан телефон орқали мулоқот қилган. Мулоқотда «Суғдиёна Транс» шўба корхонаси вакилларига бўлган қуролли ҳужум муҳокама қилинган ва Ханиф Атмар воқеа юзасидан тегишли ташкилотлар суриштирув ишларини олиб боришини ва айбдорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилишини маълум қилган.

Абдулазиз Комилов Афғонистон ташқи ишлар вазиридан Ўзбекистоннинг Афғонистонда жойлашган корхоналари ва компаниялари ходимларини ҳимоя қилиш режимини кучайтиришни сўраган.

Аввалроқ Ўзбекистон Афғонистоннинг 400 толиб-маҳбусни озод қилиш тўғрисидаги қарорини олқишлагани хабар қилинган эди.

Янгиликлар