Ўзбекистондаги боғчаларда 48 млрд сўмдан ортиқ пул талон-торож қилингани маълум бўлди. Болаларга яроқсиз гўшт ва озиқ-овқат берилган

Мактабгача таълим вазирлиги тизимидаги ташкилотларни 2018—2019 йиллардаги бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлардан фойдаланиш самарадорлиги юзасидан вазирликнинг Ички аудит ва молиявий назорат хизмати билан ҳамкорликда ўрганиш ўтказилди. Бу ҳақда Ҳисоб палатаси маълум қилди.

Қайд этилишича, ўрганиш натижасида Мактабгача таълим вазирлиги тизими ташкилотлари томонидан жами 48,3 миллиард сўмлик молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги маълум бўлди.

Жумладан, тизимда хизмат кўрсатувчи ходимларнинг ойлик иш ҳақи учун ажратилган маблағларнинг 7,2 миллиард сўми талон-тарож қилинган.

Сохта таомномалар тузиб, ҳақиқатда сарфланмаган озиқ-овқат маҳсулотларини харажатга чиқариш ва камомадларга йўл қўйиш орқали 3,6 миллиард сўмлик маблағ ноқонуний ўзлаштирилган.

Сариёғ сифатида 2,2 миллиард сўмлик истеъмолга яроқсиз «СПРЕД» (ўсимлик мойи ва сут ёғининг аралашмаси) ва ёғлилик даражаси меъёрдан паст бўлган «сариёғ» маҳсулотлари, 10,1 миллиард сўмлик ветеринария назоратидан ўтказилмаган 309,4 тонна гўшт маҳсулотлари харид қилиниб, тарбияланувчиларнинг овқатланиши учун сарфланган.

Тарбияланувчилар сонини яшириш, ота-оналар тўловларини кассага кирим қилмаслик орқали 497,7 миллион сўм маблағлар ноқонуний ўзлаштирилган.

«Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун талабларига зид равишда 253 та ҳолатда 11,3 миллиард сўмлик шартномалар тузилган. Бундан ташқари, харид қоидаларини бузган ҳолда қиммат нархларда ҳамда стандартга жавоб бермайдиган 8,8 миллиард сўмлик товар-моддий бойликлар харид қилинган.

Аниқланган ҳолатларни бартараф этиш ва уларни келгусида такрорламаслик юзасидан Ҳисоб палатаси томонидан 26 та йўналиш бўйича 75 та таклифлар ишлаб чиқилди, тизим ташкилотларига тегишли кўрсатмалар берилди. Ушбу таклифлар асосида Мактабгача таълим вазирлиги томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда йўл харитаси ишлаб чиқилиши белгиланди. Амалдаги 16 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш, молиявий ва услубий йўналишларни ўзида мужассамлайдиган ахборот тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар берилди.

Аввалроқ Учқўрғондаги боғчани таъмирлашда 173,2 миллион сўм бюджет маблағини талон-торож қилганлар қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар