«Enter Engineering» компанияси Меҳнат кодекси талабларини қўпол равишда бузгани маълум қилинди
Қонунчилик палатаси депутати Одилжон Тожиев «Uzbekistan GTL» заводини қураётган «Enter Engineering» компанияси Меҳнат кодекси талабларини қўпол равишда бузганлигини маълум қилди. Бу ҳақда депутат 22 октябрь куни ўзининг Telegram каналида ёзиб қолдирган.
Қайд этилишича, Меҳнат кодексининг 161-моддасида ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.
«Вазиятнинг шу даражага етиб келишига компания раҳбарияти билан биргаликда меҳнат муҳофазаси бўйича ваколатли орган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва бошқа тегишли ташкилотларнинг назоратсизлик ҳамда бефарқликка йўл қўйгани ҳам сабаб бўлган деб ҳисоблаймиз.
Биз ушбу масала бўйича вазирлик ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлигидан изоҳ сўрадик ва бугун кун якунига қадар муаммо ижобий ҳал этилиши ҳақида ахборот олдик», — деб ёзган депутат.
Таъкидланишича, қисқа вақт ичида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда вилоят ҳокимлигига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига ҳисобот бериш вазифаси юклатилган. Муаммо ҳал этилгунига қадар бу иш депутатлар назоратида бўлади.
Эслатиб ўтамиз, 21 октябрь куни Ғузор туманидаги «Enter Engineering» компанияси 3 ойдан бери ойлик маоши бермаётгани сабабли ишчилар норозилик намойиши уюштиргани ҳақида хабар берилган. Маълум бўлишича, компания ходимларига ойлик маоши тўламаган ҳамда ишлашга ҳам рухсат бермаган. Шунингдек, ходимлар тушлик билан ҳам таъминланмаган.
Кейинчалик компания матбуот хизмати ҳолат юзасидан «Tez News»га маълумот берган. Таъкидланишича, ҳодиса 21 октябрь куни эрталаб, ишчилар учун мўлжалланган ошхонадаги моноблок тизимидаги (электрон кириш тизими) техник носозлик туфайли содир бўлган. Оқибатда улар кундалик овқатланишга кира олмаган. Бу эса катта норозилик келтириб чиқарган.