Тошкентда опа-сингиллар топиб олган пластик картасидан қарийб 60 млн сўм ечиб олди

Тошкентда опа-сингиллар топиб олган пластик картасидан паролни таваккал териш орқали 58 миллиондан ортиқ пулни ечиб олди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшовчи 21 ёшли фуқаро 8 ноябрь куни туман ИИО ФМБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, ўз аризасида, 2022 йилнинг 7 ноябрь куни унга тегишли бўлган пластик картасидан 58 миллион 984 минг сўм миқдоридаги пул номаълум шахс томонидан ечиб олинганини маълум қилган.

Олиб борилган тезкор-қидирув ишлари натижасида, ушбу жиноят 27 ва 18 ёшли опа-сингиллар томонидан содир этилгани маълум бўлган.

Жиноят иши доирасида, гумонланувчилар сўроқ қилинганида, 27 ёшли аёл пластик картани ўзи оператор бўлиб ишлайдиган «Малика» савдо мажмуасида жойлашган дўконидан топиб олгани, кейинчалик топиб олинган пластик карта тўғрисида ўзининг синглисига хабар бериб, биргаликда банкомат олдига боришгани ва таваккал қилиб, пароль тариқасида «7777» рақамини теришгани, шу тариқа пластик картанинг ҳимоя кодини билиб олиб, унда бўлган пулларини ечиб олишганини маълум қилишган.

Ҳолат юзасидан Юнусобод туман ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан опа-сингилларга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми «б» ва «г» бандлари (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этаётгани маълум қилинган.

«Ҳурматли фуқаролар, жиноятчиларнинг ишини осонлаштириб, пластик картангизга оддий пароль қўйманг!», дейилади департамент хабарида.

Янгиликлар