Вазирлик ва ҳокимликлар биносини қуриш, таъмирлаш вақтинча тақиқланди

Ўзбекистонда вазирлик, идоралар ҳамда ҳокимликларнинг маъмурий биноларини қуриш ва реконструкция қилиш икки йилга тақиқланди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг «2022–2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қароридa белгиланган.

Қарорга кўра, 2022 йилдан:
  • икки йил муддатга вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимликларнинг маъмурий биноларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича янгидан бошланадиган лойиҳаларни (Президент қарорларига мувофиқ амалга ошириладиган, шунингдек, янгидан ташкил этиладиган шаҳар ва туманларда жойлашадиган лойиҳалар бундан мустасно) Ўзбекистоннинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларига киритиш тақиқланади;
  • келгуси йиллар учун ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларини шакллантириш жараёнларида кейинги йилларга ўтадиган лойиҳалар (объектлар) сони босқичма-босқич қисқартирилади ва уларни тегишли молиявий йилда фойдаланишга топшириш назарда тутилади.
  • 2022 йилда якунланадиган таълим муассасалари объектлари – 15 августгача, соғлиқни сақлаш ва тиббий-ижтимоий муассасалар объектлари – 1 октябргача, ирригация ва мелиорация тизимлари объектлари – 1 декабргача фойдаланишга топширилади.

Янгиликлар