Наманганда «Hyundai» автомобилларини ишлаб чиқарувчи завод қурилади

Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров таклифига биноан 22 cентябрь, сешанба куни мамлакатнинг Корейс-ўзбек ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари Ким Чанг Кеон раислигидаги делегация ташрифи ташкил этилди. Бу ҳақда «Dunyo» хабар қилди.

Фото: «Dunyo»

Маълум қилинишича, мазкур учрашувда «Evergreen Motors» компаниясининг автомобиль бизнеси бўйича ижрочи вице-президенти Ким Ик Донг, «Hyundai Motors UZ Namangan» қўшма корхонаси раҳбари Ким Ёнг Чол, Ўзбекистондаги Корейс-ўзбек бизнес ассоциацияси ваколатхонаси раҳбари Юн Жук Сок, шунингдек, вилоят ҳокимиятининг масъул раҳбарлари иштирок этган.

Таъкидланишича, ташрифдан кўзланган асосий мақсад — инвестицион лойиҳаларни биргаликда амалга оширишни тезлаштириш масаласини муҳокама этиш.

Учрашув давомида «Наманган» эркин иқтисодий зонасида «Hyundai» тижорат автомобилларини ишлаб чиқарадиган завод қурилиши бўйича лойиҳани амалга оширишнинг кейинги амалий босқичлари бўйича келишувларга эришилган. «Hyundai Motors» Жанубий Корея компаниясининг инвестицион лойиҳанинг техник параметрларини ҳал этишига қараб, лойиҳани амалга оширишни октябрь ойининг охиригача бошлаш мўлжалланаётгани таъкидланган.

Шунингдек, объект қурилиши бўйича режалар билан танишиш мақсадида «Наманган» эркин иқтисодий зонасидаги автомобиль заводи учун ажратилган ҳудудга ташриф амалга оширилган. Бундан ташқари, Корейс-ўзбек бизнес ассоциациясига аъзо компанияларни жалб этган ҳолда тижорат автомобиллари учун бутловчи ва эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга йўналтирилган қўшма лойиҳалар бўйича фикр алмашилган.

Аввалроқ Наманган ҳокими вилоятдаги қиймати 16 миллиард сўмлик қурилиш объектлари билан танишгани хабар қилинган эди.