Пастдарғом ҳамда Нурободда халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш бўйича таянч мактаблар фаолияти ўрганилди (фото)
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тoшкенбoев Самарққандда бўлиб, вилоятдаги халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш бўйича таянч мактаблар фаолиятини ўрганди. Бу ҳақда вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, 21 октябрь куни Улуғбек Тoшкенбoев Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Самарқанд вилояти ҳудудий бўлими бошлиғи, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Қўлдош Саидов, Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи билан биргаликда Пастдарғом ҳамда Нуробод туманларидаги халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш бўйича таянч мактаблар ва ушбу мактабларга бириктирилган умумтаълим муассасалари, техникумларда бўлган.
Шунингдек, инспекция бошлиғи халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарлик ишларининг бориши, ўқитувчиларнинг салоҳияти, таянч мактабнинг бошқа умумтаълим мактаб ўқитувчилари билан ўзаро малака ва тажриба алмашишининг қайд даражада йўлга қўйилганлиги билан танишган.
Қайд этилишича, у ўқитувчилар ҳамда ўқувчилар билан савол-жавоб қилиб, уларнинг таклиф ва ташаббусларини эшитган, шунингдек, ўзининг муҳим тавсияларини берган. Камчиликлар юзасидан тегишли топшириқлар бериб, халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарлик бир муддат ҳам тўхтамаслиги кераклигини, ўқитувчилар доимий ўз устида ишлаши, хорижий малака ва тажрибалардан фойдаланиб, изланиши зарурлигини таъкидлаган.
Aввалроқ Самарқандда 28 минг нафар ўқитувчи гриппга қарши эмлангани ҳамда Ўзбекистондаги умумтаълим мактабларининг рейтинги эълон қилингани ҳақда хабар қилинганди.