Ички ишлар органлари тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритилади

Ўзбекистон Республикасининг «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасининг «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонунининг 131-моддаси биринчи қисмида Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг бошлиқлари ҳар чоракда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисида ҳисобот тақдим этиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг 6-банди иккинчи хатбошисида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари мажлисларида ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарларининг ўринбосарлари – жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиқлари томонидан ҳар чоракда жамоат хавфсизлиги юзасидан ҳисобот бериш тартиби жорий этилиши белгиланган.

Шу боис, «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонуннинг 131-моддаси биринчи қисмига тегишли ўзгартиш киритган ҳолда қонуннинг қолган моддаларидаги атамалар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилмоқда.

Қонун лойиҳасини қабул қилиниши жамоат хавфсизлиги йўналишида кўрилаётган чораларнинг натижалари танқидий муҳокама қилиб борилишига, иш самарадорлигини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилишига, айрим атамаларнинг тўғри қўлланилишига хизмат қилади.