Ўзбекистонда 2000 га яқин Ҳукумат қарорлари ўз кучини йўқотди

Ўзбекистонда 30 йил ичида қарийб 1 минг 900 Ҳукумат қарори эскирганлиги маълум қилинди. Бу ҳақда Hudud 24 хабар берди.

Фото: darakchi.uz

Хабарга кўра, қонуности ҳужжатларнинг кўплиги қонунчиликдаги такрорланишларга, тафовут ва чалкашликларга сабаб бўлмоқда. Бу эса ўз навбатида ҳуқуқни қўллаш амалиётини мураккаблаштиради, улардан фойдаланишда ноқулайликлар келтириб чиқармоқда.

«Чунки бир масалани тушуниш учун юзлаб ҳужжатларни кўриб чиқишга тўғри келади», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, шу каби муаммоларнинг долзарблигини инобатга олган ҳолда Адлия вазирлиги томонидан барча соҳаларда қонунчиликни тизимлаштириш орқали қонунчилик базасини қисқартириш ёки кесиб ташлаш («тартибга солувчи гильотина» усули орқали) ишлари самарали йўлга қўйилган.

Қайд этилишича, Адлия вазирлигининг таклифи асосида 2020 йилда 500 га яқин ҳужжатларни бекор қилишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони қабул қилинди. Шунингдек, 2000 та Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатларини ўз кучини йўқотишни назарда тутувчи Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Мазкур бекор қилинган ҳужжатлар бугунги кунда ўз аҳамиятини йўқотган, бир марталик қоидаларни назарда тутадиган ёки муайян муддат давомида амалга оширишга мўлжалланган топшириқлардан иборат ҳужжатлардир.

  • биринчидан, фуқаролар ва тадбиркорлар томонидан айнан қайси ҳужжатдан фойдаланса, тўғри бўлади деган саволга ечим топилади;
  • иккинчидан, ҳуқуқий ахборотдан фойдаланишда ва ҳуқуқшунос хизматлари билан боғлиқ сарф-харажатлар қисқаришига хизмат қилади;
  • учинчидан, қонунчиликдаги такрорланишлар ва тафовутларнинг бартараф этилишига олиб келади.

Қонунчилик ҳужжатларини қисқартиришдан кўзланган асосий мақсад ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни бартараф этиш, тадбиркорлик фаолиятига нисбатан тартибга солиш юкини камайтириш, қонунчилик базасини ҳаракатсиз ва амалда қўлланилмаётган ҳужжатлардан «халос этиш», пировардида қонунчилик ҳужжатларидан фойдаланишда фуқаролар ва тадбиркорларга енгиллик яратиш.

Янгиликлар