Фарғонадаги караоке кафесида содир бўлган ёнғин юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Фарғона шаҳридаги караоке кафесида 6 кишининг ўлимига сабаб бўлган ёнғин юзасидан вилоят прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳодиса бўйича тузилган ҳукумат комиссияси бир ҳафта муддатда вафот этганларнинг оила аъзоларига ҳамда жабрланганларга тиббий, моддий, психологик ва бошқа ёрдамлар кўрсатади.

4 қаватли бинонинг ертўласида жойлашган караоке кафесидаги ёнғин сабабли 6 киши ҳалок бўлган, 7 киши шифохонага олиб кетилган.

Бош вазир ўринбосари Ачилбой Раматов бошчилигида комиссия, шунингдек,

  • ёнғин содир бўлган бинонинг ертўласида ишлатилаётган техника қурилмалари белгиланган талабларга мувофиқлигини;
  • бахтсиз ҳодиса юз беришининг техник ва ташкилий сабабларини;
  • электр ускуналари ва жиҳозларининг монтаж ишлари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилган ҳолда сифатли бажарилганини;
  • жабрланувчиларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)ни, улар томонидан қурилмалардан хавфсиз фойдаланиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига aмал қилинганини;
  • бахтсиз ҳодиса сабабларини тавсифловчи ашёвий далилларни;
  • бахтсиз ҳодиса содир бўлган жойнинг ҳолати бўйича барча ўзгаришларни;
  • электр ускуна ва жиҳозларининг тури, русуми, уларнинг жойлашув ўрни ва техник ҳолатини;
  • дудбурон ва шамоллатиш каналларининг лойиҳа ҳужжатларига ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқлигини;
  • объектда бахтсиз ҳодиса келиб чиқишига олиб келиши мумкин бўлган омилларни ҳар томонлама ўрганиб чиқади.

Текшириш якунлари ва жабрланганларга кўрсатилган ёрдамлар юзасидан ҳисобот Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

Янгиликлар