Россиядаги Ўзбекистон фуқароларини ватанга қайтариш учун темир йўл рейслари ташкил этилади
Республика махсус комиссияси Ўзбекистон фуқароларини Россиянинг Шимолий Кавказ ва Жанубий федерал округларидан ҳамда Самара вилоятидан олиб келиш учун темир йўл рейсларини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур масала ТИВ томонидан Транспорт вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқилган ва Республика махсус комиссиясига киритилган.
Ўзбекистоннинг Ростов-Дон шаҳридаги Бош консулхонаси берган маълумотга кўра, 23 августда 927 нафар Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди. Шунингдек, «Ўзбекистон темир йўллари» AЖ поезди Самара вилоятининг «Кинел» станциясига 24 август куни етиб келиши режалаштирилган.
Маълумот учун, рейслар «Тошкент—Ростов-Дон—Тошкент» ва «Тошкент—Кинел—Тошкент» йўналишида амалга оширилади.
Аввалроқ Россия—Қозоғистон чегарасида тўпланган 1850 нафар фуқаро Ўзбекистонга қайтарилиши маълум қилинган эди. Шунингдек, Россиядан чартер рейс орқали олиб келинган 501 нафар ўзбекистонлик Самарқанддаги карантин марказига жойлаштирилгани ҳақида хабар берилганди.