Тошкентда террористик материалларни интернетда тарқатган эркак қамалди

Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси ва ДХХ шаҳар бошқармаси тезкор ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда террорчилик ташкилоти ғояларини тарғиб қилувчи эркак ушланди.

Аниқланишича, 1990 йилда туғилган Т.М. «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террорчилик ташкилоти ғояларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Telegram’да канал очиб, виртуал диний жамоат ташкил этган. Тақиқланган ғояларни тарғиб қилувчи мазкур каналга танишлари — 1990 йилда туғилган А.Д., 1991 йилда туғилган Н.Ж., 1990 йилда туғилган Н.А., 1982 йилда туғилган Ш.Н.ни жалб қилиб, канал обуначиларини янада кўпайтиришга ҳаракат қилган.

Т.М. Telegram каналида террорчилик ташкилотининг ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган файлларни хамда бошқа республика ҳудудида тақиқланган диний мазмундаги маърузаларни тарқатиб, ташкилотга аъзо бўлишни даъват қилиб келгани аниқланган.

Мазкур холат юзасидан Жиноят кодексининг 2441-моддасига (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) асосан жиноят иши қўзғатилиб, юқорида номлари келтирилган шахсларнинг барчасига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.