Ўзбекистонда риелторларга малака сертификатини бериш тартиби маълум қилинди

Ўзбекистонад баҳоловчилар ва риелторларга малака сертификатини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ўзининг Telegram каналида хабар қилди.

Қайд этилишича, ҳукуматнинг 2020 йил 23 декабрдаги қарори билан баҳоловчиларнинг ва риелторларнинг малака имтиҳонини ўтказиш ва уларга малака сертификатини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентлари тасдиқланган. Баҳоловчининг малака сертификати — бу жисмоний шахсга, агар у баҳоловчи ташкилотнинг масъул ходими бўлса ёки баҳоловчи ташкилот томонидан у билан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузилган бўлса, мулкни баҳолашни амалга ошириш ҳуқуқини беради.

Таъкидалнишича, малака сертификати 5 йил муддатга берилади. Мазкур ҳужжат талабгор малака имтиҳонини муваффақиятли топширган тақдирда давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали берилади.

Шунга кўра:

  • малака сертификатига эга бўлган ҳар бир баҳоловчи малака сертификати олингандан кейинги йилдан бошлаб ҳар йили камида 40 соатлик;
  • малака сертификатига эга бўлган ҳар бир жисмоний шахс малака сертификати олингандан кейинги йилдан бошлаб ҳар уч йилда камида бир марта риэлторлик фаолияти соҳасидаги 20 соатдан кам бўлмаган ҳажмда малака ошириш курсларида ўқиши шарт этиб белгиланган.

«‘Баҳолаш иши: баҳолаш фаолияти ва риэлторлик (объектлар бўйича) (5А231501)’ ёки ‘Кўчмас мулкни экспертиза қилиш ва бошқариш: Кўчмас мулкни баҳолаш ва бошқариш (5А340901)’ мутахассислиги бўйича олий маълумотга ёки баҳоловчининг халқаро сертификатига эга бўлган талабгор махсус ўқувдан ўтмасдан малака имтиҳонини топширишга ҳақли», дейилади хабарда.

Маълумот ўрнида, давлат хизматларини кўрсатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари (223 минг сўм) миқдорида йиғим ундирилади. ЯИДХП орқали мурожаат этилганда йиғим суммасининг 90 фоизи (200 минг 700 сўм) ундирилади. Мазкур тартиб 2021 йил 1 январдан амалга киритилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2021 йил 1 январдан қатор лицензия ва рухсатномалар бекор қилиниши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар