Дунёда COVID-19 юқтирганлар сони 100 миллиондан ошди

Дунёда коронавирус пандемияси бошлангандан буён 100 миллиондан ортиқ киши COVID-19 инфекциясини юқтириб олди. «Worldometer» сайтидаги сўнгги янгиланишлар шундан далолат бермоқда.

Фото: «Shutterstock»

Тошкент вақти билан соат 11:00 ҳолатига кўра, дунёда коронавирусга чалинганлар сони 100 286 772 кишига етган. Беморларнинг 2 149 507 нафари вафот этган, 72 313 625 нафари соғайган. Aйни пайтда дунё бўйлаб ўлим даражаси 3 фоизни ташкил этмоқда. Ҳозирда 25 821 791 киши касалликдан даволанмоқда.

Скрин: «Worldometer»

AҚШ дунёда коронавирус билан зарарланиш бўйича биринчи ўринда бормоқда. Мамлакатда 25 861 597 киши вирус юқтирган. Шунингдек, Ҳиндистон 10 677 710 нафар бемор билан иккинчи, Бразилия эса 8 872 964 бемор билан учинчи ўринда турибди.

Маълумот учун, 25 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 78471 нафарни ташкил этмоқда. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 938 нафар бемордан 158 нафари оғир, 32 нафари эса ўта оғир аҳволда. Ҳозирда касалликдан соғайганлар жами 76912 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 98 фоизни ташкил қилмоқда.

Маълумот ўрнида, SARS-CoV-2 коронавируси 2019 йилнинг декабрь ойида Хитойнинг Хубэй провинциясидаги Ухан шаҳрида аниқланган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 11 март куни COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишини пандемия деб эълон қилган.

Янгиликлар