«2020 йилда 500 та Президент қарорлари бекор қилинди» – Адлия вазирлиги

2020 йилда Адлия вазирлиги таклифлари асосида Ўзбекистон президентининг 500 га яқин фармон ва қарорлари бекор қилинган. Бу ҳақда 26 февраль куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманидан Tez News мухбири хабар берди.

Таъкидланишича, Президентнинг 6075-сон фармони билан Адлия вазирлиги зиммасига норматив ҳужжатларни қайта хатловдан ўтказиш, эскирган ҳамда ўз аҳамиятини йўқотган ҳужжатларни бекор қилиш ва тарқоқ ҳолдаги ҳужжатларни тизимлаштириш вазифаси белгиланган.

Вазирлик масъул ходими Сардор Нусратовга кўра, Адлия вазирлигининг таклифлари асосида икки ярим мингга яқин ҳужжатлар ўз кучини йўқотган деб топилган.

«Вазирлик таклифлари асосида бекор қилинган ҳужжатларнинг биринчи 500 тасини Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, қолган 2000 га яқинини Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ташкил этади», – дейди Нусратов.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 87-сон қарорида келтирилган бекор қилинган ҳужжатлар рўйхати аҳоли учун очиқ бўлиб, у билан lex.uz сайтида онлайн тарзда, бепул танишиш мумкин.