Ўзбекистонда 2020 йил бошидан бери 150 та янги кон давлат балансига олингани маълум бўлди
Шавкат Мирзиёев 27 август куни геология соҳасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги бўйича тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистонда 2020 йил бошидан бери 150 та янги кон давлат балансига олинди. Олтин, кумуш, уран, мис, молибден ресурлари ва захиралари кўпайди. Жумладан, Бухоро ва Навоий вилоятларидаги Кулжуктов ҳамда Ауминзотов тоғлари ҳудудида 3 та олтин, Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани ҳамда Жиззах вилояти Арнасой туманида 2 та уран кони аниқланди.
«Ўзбекистонда янги геология тизими яратилмоқда. Уни ривожлантиришдан мақсад — табиий ресурсларни халқимиз манфаатига йўналтириш, иш жойлари ташкил этиб, одамларни бой қилиш», — деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасида 155 минг гектар майдонда тезкор гидрогеологик изланишлар олиб борилгани, сув танқис ҳудудларда суткасига қўшимча 90 минг кубометр таъминлайдиган сув захиралари тасдиқлангани маълум бўлди.
Тадбирда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раисининг ҳисоботи эшитилди. 20 та янги конга онлайн аукционда, очиқ ва шаффоф тарзда салоҳиятли хорижий инвесторларни жалб этиш жараёнининг бориши кўриб чиқилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев 27 август куни Молдова Республикасининг президенти Игорь Додонни Мустақиллик куни билан табриклаган эди.