Тоғли Қорабоғ атрофида вазият жиддийлашмоқда: Арманистонда ҳарбий ҳолат эълон қилинди
Арманистон ҳукумати Тоғли Қорабоғдаги воқеалар сабабли мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди. Бу ҳақида Бош вазир Никол Пашинян маълум қилди.
«Арманистон Республикасида ҳукумат қарори билан ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилинади. Қарор расмий эълон қилинганидан сўнг кучга киради. Мен қўшинларга тайинланган шахсий таркибни ўзларининг ҳудудий ҳарбий комиссарликларига келишга чақираман», — деб ёзган у ўзининг Facebook саҳифасида.
Аввалроқ ҳарбий ҳолат ва сафарбарлик тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси ҳокимияти томонидан эълон қилинган эди.
Янги тўқнашув сабаблари
Тоғли Қорабоғдаги алоқа линиясида яна бир кескинлашув бугун эрталаб юз бергани маълум бўлди. Тан олинмаган республика президенти матбуот котибининг сўзларига кўра, Озарбайжон ҳарбийлари Тоғли Қорабоғ ҳудудидаги аҳоли пунктларини, шу жумладан, унинг пойтахти Степанакертни ўққа тутганлар.
Боку ва Ереван вазиятни оғирлаштирганликда бир-бирларини ўзаро айблашмоқда. Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Арманистон томони ўқ узганини ва Озарбайжон кучлари қарши ҳужум операциясини бошлаганини даъво қилмоқда. Арманистон Мудофаа вазирлиги эса Қорабоғ Озарбайжон томонидан ҳаво ва ракета ҳужумларига учраганини таъкидламоқда.
«Озарбайжон Арманистоннинг хатти-ҳаракатларини жавобсиз қолдирмайди»
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Қорабоғдаги алоқа линияси ҳудуди Арманистон томонидан ўққа тутилганидан сўнг аҳоли орасида қурбонлар ва ярадорлар борлиги ҳақида гапирди.
«Якшанба куни эрталаб Арманистон Қуролли Кучлари алоқа линиясининг турли йўналишларида Озарбайжон Қуролли Кучлари позициялари ва аҳоли пунктларини ўққа тутишни бошлади. Бундан ташқари, ўқ отиш турли хил қуроллардан, шу жумладан йирик калибрли қуроллардан ҳам амалга оширилди. Бу Арманистоннинг навбатдаги ҳарбий провокацияси. Арманистон армиясининг ўқ отиши натижасида Озарбайжон ҳарбийлари ва тинч аҳоли орасида йўқотишлар мавжуд. Озарбайжон Арманистоннинг хатти-ҳаракатларини жавобсиз қолдирмайди», — деди Алиев.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирги вақтда душман позицияларига ҳужумлар қилинмоқда, бир нечта ҳарбий техника йўқ қилинган.
Тоғли Қорабоғ можароси ҳақида
Тоғли Қорабоғ можароси 1988 йилнинг февраль ойида, Тоғли Қорабоғ автоном вилояти Озарбайжон ССР таркибидан чиққанлигини эълон қилганидан сўнг бошланган.
Озарбайжон 1992—1994 йиллардаги қуролли тўқнашув пайтида Тоғли Қорабоғ ва унга қўшни 7 вилоят устидан назоратни йўқотди. Тоғли Қорабоғ ўзини республика деб эълон қилган, бироқ бу республика халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган. 1992 йилдан бери учта ҳамраис — Россия, АҚШ ва Франция бошчилигидаги ЭХҲТнинг Минск гуруҳи доирасида низони тинч йўл билан ҳал этиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Озарбайжон ўзининг ҳудудий яхлитлигини сақлашни талаб қилмоқда. Арманистон эса тан олинмаган республика манфаатларини ҳимоя қилади.