Самарқандда меҳмонхона ходими иш бошқарувчининг сумкасидан 12 млн сўм ўғирлагани аниқланди

Самарқандда меҳмонхона иш бошқарувчисининг сумкасидан пулларни ўғирлаб келган ходим қўлга олинди.

Қайд этилишича, 12 сентябрь куни Самарқанд шаҳар Амир Темур кўчасида яшовчи 25 ёшли Б.И. шаҳар ИИБга ариза билан мурожаат қилган. У ўз аризасида Қўшҳовуз кўчасидаги меҳмонхонада иш бошқарувчи лавозимида ишлаши, Reception бўлимида турадиган сумкаси ичидан икки маротаба пуллари ўғирланганини билдирган. Кузатув камерасидаги ёзувлардан маълум бўлишича, пулларини меҳмонхона ишчиси 23 ёшли С.Л. ўғирлаганига гувоҳ бўлганини айтиб, пулларни ундиришда амалий ёрдам сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан С.Л.га нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми (Ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши доирасида гумонланувчи С.Л. сўроқ қилинган. У 29 июль кунидан 9 сентябрь кунига қадар бўлган вақт давомида иш бошқарувчи сумкасини меҳмонхонанинг кириш жойида жойлашган Reception бўлимида мунтазам равишда қолдириб кетишидан фойдаланиб, сумкасидан оз-оздан, жами 12 миллион сўм пулларини яширин равишда ўғирлаб келганини маълум қилган.

Бугунги кунга қадар тергов давомида гумонланувчи С.Л. жабрланувчидан ўғирлаган пуллардан 6 миллион сўм пулларини ўз ихтиёри билан қайтариб берган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Янгиликлар