Қўшимча талаб этиладиган 37,5 минг тонна пиёз 1 апрелгача ички бозорларга киритилади

Қўшимча талаб этиладиган 37,5 минг тонна пиёзни 1 апрелга қадар ички бозорларга киритиш чора-тадбирлари белгиланди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Озиқ-овқат саноати бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Отажон Пирмонов айтиб ўтди.

У ички истеъмол бозорига пиёз маҳсулотини кафолатли етказиб бериш, унинг захираси, етишмайдиган қисмини қоплаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.

23 январь куни ўтказилган мониторингларда сараланмаган пиёзнинг улгуржи нархлари ўртача 6 500 сўмни, деҳқон бозорларидаги арзонлаштирилган махсус расталарда  5000 сўмни, савдо марказлари ва супермаркетларда 7 700 сўмни ташкил этган.

Мутахассислар фикрига кўра, маҳсулот тўлиқ нобуд бўлиши олдини олиш мақсадида устки қисми музлаган пиёзни ҳаво мўътадиллашгунга қадар жойидан қўзғатмаслик керак.

Бугунги кун ҳолатига кўра, ҳукумат қарорига мувофиқ ҳудудларда ташкил этилган захираларда 51 минг тонна, аҳоли хонадонларида 200 минг тонна пиёз захираси мавжуд.

Захирага жамғарилган маҳсулотларнинг барчаси туман ҳокимлиги ва Департамент органлари билан биргаликда бозорларда ташкил этилган арзонлаштирилган махсус расталар ҳамда маҳаллалардаги кўчма савдо ярмаркалари орқали аҳолига манзилли равишда етказиб борилмоқда.

Ички истеъмол бозорининг пиёзга бўлган эҳтиёжини кафолатли таъминлаш ҳамда нархларнинг ўсишини олдини олиш мақсадида 1 апрелга қадар қўшимча талаб этиладиган 37,5 минг тонна пиёзнинг бозорларга киритиш чора-тадбирлари белгилаб олинди.

Бундан ташқари, республикадаги айрим ҳудудларнинг эҳтиёжидан ортиқ миқдорда етиштирилган пиёзни бошқа ҳудудларга манзилли етказиш мақсадида бозорлардаги қўшимча эҳтиёж кундалик мониторинг қилиб борилмоқда.

Янгиликлар