Ўзбекистонда коррупцияга қўл урган шахслар давлат фуқаролик хизматига қабул қилинмайди

Олий Мажлиси Сенатининг 28 май куни ўтказилган йигирма олтинчи ялпи мажлисида «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, ушбу ҳужжат давлат фуқаролик хизматчиларининг иш самарадорлиги ва компетенциясини баҳоловчи мезонлар, уларнинг малакасини оширишга бўлган талабларни белгилашда тўғридан-тўғри таъсир кўрсатувчи қонун ҳисобланади. Муҳокама қилинган қонун нормалари фақатгина давлат реестрига киритиладиган лавозимларда фаолият юритаётган давлат хизматчиларига нисбатан татбиқ этилади.

Шунингдек, давлат фуқаролик хизматини тартибга солишда давлат органларининг асосий ваколатлари белгиланган. Хусусан, Президент, Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа ваколатли давлат органларининг давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ваколатлари аниқ кўрсатиб ўтилмоқда.

Бундан ташқари, қонун билан давлат фуқаролик хизмати соҳасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда, яъни давлат хизматчиларининг фаолияти энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (КPI) асосида баҳоланиши қатъий белгиланмоқда. Коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахслар давлат фуқаролик хизматига қабул қилинмайди. Сенат аъзолари ушбу қонунни маъқуллаган. Янги қонун 3 ойдан сўнг кучга киради.

Янгиликлар