Ўзбекистонда ўлим жазосини тиклаш таклиф қилинди

Ўзбекистонда ўлим жазосини тиклаш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчалар бўйича фуқаролардан йўлланган таклифлардан бирида сўз боради.

Аноним мурожаатчи йўллаган таклифда аёлни ўлдирган ҳар қандай шахсни ўлим жазосига ҳукм қилиш таклиф қилинган.

Шунингдек, қурбон бўлган аёлнинг вояга етмаган болалари ўн саккиз ёшга етгунига қадар таъминоти жиноятни содир этган шахс томонидан амалга оширилиши ҳам назарда тутилган.

Билдирилган таклифлар орасида коррупцион жиноятлар учун ҳам ўлим жазосини жорий этиш масаласи ҳам ўртага ташланган.

Ўзбекистонда 2008 йилгача ўлим жазоси бўлган. Президент Ислом Каримов томонидан 2005 йил 1 август куни имзоланган «Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида»ги фармони билан 2008 йилнинг 1 январдан жиноий жазо тури сифатида ўлим жазоси бекор қилиниб, унинг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси жорий этилган.

Умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси Ўзбекистон Республикаси Олий суди, жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан тайинланиши мумкин.

Жиноят содир этганлик учун умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар жазони махсус тартибли жазо ижро этиладиган ихтисослаштирилган муассасаларда ўтайди.

Янгиликлар