Бухорода «Nexia» бетон тўсиққа урилиши оқибатида 2 киши ҳалок бўлди
Бухорода 29 сентябрь куни «Nexia» русумли автомашина йўл четидаги бетон тўсиққа урилиши оқибатида 2 йўловчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, 29 сентябрь куни соат 07:30 да 30 ёшли С.Ж. бошқарувида бўлган «Nexia»ни Жондор—Бухоро йўналиши бўйича бошқариб кетаётган бўлган. Бухоро тумани «Работиқалмоқ» МФЙ ҳудудидан ўтувчи 4Р-72 автомобиль йўлининг 8 километрида ҳайдовчи автомашина бошқарувини йўқотиб, йўлнинг ҳаракат йўналиши бўйича ўнг томонида жойлашган бетон тўсиққа машина олд қисми билан урилган. Оқибатда автомашина бир неча маротаба ағдарилиб кетиб, йўл транспорт ҳодисасини содир қилган.
Натижада автомашинада бўлган йўловчилар — ҳайдовчининг турмуш ўртоғи 29 ёшли Б.Х. ҳамда унинг вояга етмаган фарзанди 7 ёшли К.Т. ҳодиса жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (Одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Наманганда ЙТҲ оқибатида юк машинасиниг йўловчиси ҳалок бўлгани, Булоқбошида 2 нафар вояга етмаган бола ЙТҲ оқибатида вафот этгани хабар қилинган эди.