ДХМларда никоҳни тузиш ва ажрашиш учун ариза бериш мумкин бўлади

Никоҳ тузиш ва ажратишни қайд этиш учун аризаларни ДХМ орқали қабул қилиш бўйича эксперимент ўтказилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг кеча, 28 сентябрь куни қабул қилинган «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш тартибларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланди.

Қарорга мувофиқ, туғилганликни тиббиёт муассасалари орқали фуқаролик далолатномаларини ёзиш бўлимларида қайд этиш тартиби 2023 йил 1 январдан Тошкент шаҳрида, 2023 йил 1 июндан эса бутун республика ҳудудида жорий этилади.

Туғилганлик ҳолати ФҲДЁ бўлимларида қайд қилинганлиги ҳақида тиббиёт муассасалари томонидан QR-код тасвири туширилган маълумотнома берилади ва ушбу маълумотнома туғилганлик ҳақидаги гербли гувоҳномага тенглаштирилади ва давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қабул қилишни рад этиш тақиқланади.

Никоҳ тузиш ва никоҳдан ажратишни қайд этиш учун аризаларни Сирдарё вилоятидаги туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилиш бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказилади.

Ҳуқуқий эксперимент 2022 йил 1 ноябрдан 2023 йил 1 июлгача амалга оширилади.

Шунга кўра, қарор билан Никоҳ тузиш ва никоҳдан ажратишни қайд этиш учун давлат хизматлари марказлари орқали аризалар қабул қилиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик маъмурий регламент тасдиқланди.

Никоҳга кириш ҳақида ариза берилганда никоҳланувчи шахсларнинг яшаш жойидаги маҳалла фуқаролар йиғинини хабардор қилиш тартиби бекор қилинди.