Ўзбекистонда нима учун Рамазон ҳайити нишонланадиган сана ҳалигача эълон қилинмаяпти?

Мусулмонлар идораси раиси Нуриддин Холиқназаров нима учун мамлакатда Рамазон ҳайитини нишонлаш санаси ҳалигача эълон қилинмаганига изоҳ берди.

Бош муфтийнинг сўзларига кўра, баъзи ижтимоий тармоқларда бу кун эълон қилиниб бўлинган.

«Бугун Рамазон ойининг 28-куни. Ҳайит куни яқинлашмоқда. Нима учун ҳалигача ҳайит кунини эълон қилмадик? Бугун жума, ҳамма тегишли эълонни кутмоқда. Ижтимоий тармоқларда баъзилар ҳатто Рамазон ҳайити нишонланадиган кунни ҳам эълон қилди», — дейди муфтий.

Унинг қайд этишича, ҳозирда Ўзбекистон мусулмонлари идорасида фатво бўлими фатво марказига айлантирилган. «Илгари бўлимда 3–4 киши ишлаган бўлса, ҳозир марказда 15–16 киши меҳнат қилмоқда. Олимлар, шариат қоидаларини яхши биладиган кишилар ишлайди. Мутахассисларни жалб қилиб, Ойни кузатувчи махсус кенгаш туздик», — дейди у.

Бош муфтийнинг айтишича, айни пайтда мусулмонлар идораси Ойнинг ҳаракатини кузатиш орқали намоз вақтини аниқлашга ҳаракат қилмоқда. Унинг таъкидлашича, вақтни аниқлаш учун атмосфера тоза бўлиши ва у ерда ёруғлик бўлмаслиги керак. Бундай жой эса Жиззах вилоятида бор.

«Биз у ерга битта астроном билан бирга кенгаш жўнатиш ниятидамиз ва аниқ вақтга аниқлик киритмоқчимиз», — дейди Нуриддин Холиқназаров Мусулмонлар идораси вакиллари астрономлар билан ҳамкорликда Рамазон ҳайитининг аниқ санасини аниқлаётганини қўшимча қилган ҳолда.

«Эртага натижаларни оламиз, хулосаларни кўриб, Рамазон ҳайити бўйича қарор қабул қиламиз. Оммавий ахборот воситалари орқали расмий маълумотлар берилади, давлат раҳбарининг фармони эълон қилинади», — дея хулоса қилган бош муфтий.

Янгиликлар