2021 йилда тадбиркорлар фаолиятида ўтказилган ноқонуний текширувлар сони маълум қилинди

30 март куни АОКАда ўтказилган брифингда Бизнес-омбудсман матбуот котиби Абдували Абдумавлонов 2021 йилда тадбиркорлар фаолиятида ўтказилган ноқонуний текширувлар сонини маълум қилди. Бу ҳақда Tez News мухбири хабар берди.

Фото: norma.uz

Матбуот котибининг сўзларига кўра, 2021 йил январь-февраль ойларида 23 та назорат қилувчи орган томонидан тадбиркорлар фаолиятида жами 15 596 та – 48 таси бизнес омбудсман билан келишилган ҳолда, қолганлари уни хабардор этган ҳолда ўтказилган.

«Назорат қилиш органларининг келишиш учун киритилган жами 225 та буюртмаларидан 48 таси келишилган ва қолган 207 таси текширув ўтказиш учун қонуний асослар мавжуд бўлмаганлиги сабабли Бизнес-омбудсман томонидан рад этилган», – деди Абдумавлонов.

Бундан ташқари, тадбиркорлар фаолиятида 2021 йил январь-февраль ойида амалга оширилган текширувлар сони 2020 йилнинг шу даври билан солиштирилганда 5 баробарга кўпайган. Ўтган йил январь-февраль ойида 3 024 та текширув ўтказилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 15 мингдан ортиқни ташкил этмоқда.

«Шунингдек, ўтган давр мобайнида тадбиркорлар фаолиятида ўтказилган текширувларнинг қонуний мониторинги амалга оширилган бўлиб, унинг доирасида 14 та назорат қилувчи орган томонидан 976 та ҳолатда ноқонуний текширувлар ўтказилгани ҳамда 9 та назорат қилувчи орган томонидан 5000 га яқин ҳолатда текшириш тартиблари бузилганлиги аниқланди», – деди Бизнес-омбудсман матбуот котиби.

Янгиликлар