Афғонистонда кучли зилзила сабаб 250 киши ҳалок бўлди

1 сентябрга ўтар кечаси Афғонистоннинг шарқида кучли зилзила содир бўлиб, қурбонлар сони 250 нафарга етди, яна тахминан 500 киши жабрланди. Бу ҳақда мамлакат Ахборот вазирлиги вакилига таяниб, «Anadolu» агентлиги хабар бермоқда.

Зилзила Афғонистоннинг шарқий Кунар вилоятида юз берган, унинг магнитудаси 6 баллни ташкил этган.

Ҳозирда ушбу ҳудудда ер кўчкилари сабаб йўллар ёпилган, қидирув-қутқарув ишлари эса вертолётлар ёрдамида олиб борилмоқда. Жабрланувчилар сони 500 нафардан ошган, шу билан бирга ҳалок бўлганлар сони ортиши мумкин.

«Афсуски, бугунги зилзила шарқий вилоятларда инсонлар ҳалокати ва мулкка зарар етказишига сабаб бўлди», — деди Афғонистон ҳукумати матбуот котиби Забихуллах Муджахид.

Унинг таъкидлашича, маҳаллий ҳокимият ва аҳоли қутқарув ишларида иштирок этмоқда, қўшни вилоятлардан махсус гуруҳлар офат ҳудудига йўналтирилган.

Расмийларнинг қайд этишича, бу мамлакатда содир бўлган энг кучли зилзилалардан бири ҳисобланади.

Жаҳон