Ўзбекистонга 9 ойда $23 млрддан ортиқ хорижий сармоя кириб келган

Шавкат Мирзиёев 22 октябрь куни маҳаллийлаштириш, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақида Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Сўнгги етти йилда $78 млрддан зиёд хорижий инвестициялар келган. Давлат-хусусий шериклик бўйича қонун қабул қилиниб, мингдан зиёд лойиҳалар бошланган. 1 минг 800 турдаги янги маҳсулотни ўзимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Бугунги кунда барча тармоқларда 140 миллиард долларлик 366 та йирик лойиҳа амалга оширилаяпти. Инвестиция лойиҳалари доирасида йилига 15 миллиард долларлик ускуна, хомашё ва қурилиш материаллари олиб келинаяпти. Шуларнинг ҳар бирида маҳаллий улушни кўпайтириш мумкинлиги таъкидланди.

Йиғилишда хорижий инвестициялар оқими ва келгуси режалар ҳам кўриб чиқилди.

Жорий йилнинг тўққиз ойида 23 миллиард 660 миллион доллар хорижий сармоя кириб келган. Шунингдек, 4 миллиард 600 миллион долларлик 120 та йирик қувват ишга тушган.

Йил якунигача бу суръат давом этади. Шу тариқа, 2017-2024 йилларда жалб этилган хорижий инвестицияларнинг умумий қиймати $100 млрддан ошиши кутилмоқда.

Иқтисодиёт