Андижонда тўртта машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди
Андижон вилоятида 21 февраль куни тўртта машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Вилоят ЙҲХБ ҳолат юзасидан маълумот берди.
Келтирилишича, ҳолат 21 февраль куни соат 22:10 ларда Андижон тумани «Минг ўрик» МФЙ ҳудудида Асака—Андижон йўналишида содир бўлган. Шу йўналиш бўйлаб катта тезликда ҳаракатланиб келаётган Nexia-3 ҳайдовчиси оралиқ масофа сақламасдан ўзи билан бир йўналишда олдинда чорраҳадан ортга қайрилиб олмоқчи бўлган яна бир Nexia-3 нинг орқасидан бориб урилган.
Оқибатда рул бошқарувини йўқотиб, қарама-қарши томондан ҳаракатланиб келаётган Labo ҳамда SWМ G01 русумли автомашиналар билан тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.
Ушбу ЙТҲ оқибатида тан жароҳати олиб, шаҳар шифохонасига мурожаат қилган шахслар бор.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда Андижон тумани ИИБ ЙҲХГ масъул ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.