Ўзбекистонда мол-мулк ва ер солиғи миқдори оширилади

2025 йилда айрим турдаги солиқ миқдори оширилиши таклиф этилмоқда. Бу ҳақида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан эълон қилинган бюжетномада келтирилган.

Унга кўра, 2025 йил 1 апрелдан бошлаб нефть маҳсулотлари учун тўланадиган акциз солиқ ставкаларини 10% га ошириш режалаштирилмоқда.

Вазирликнинг қайд этишича, ушбу солиқ ставкаларининг оширилиши нефть маҳсулотлари чакана нархига сезиларли даражада таъсир кўрсатмайди.

Келаси йил 1 январдан юридик ва жисмоний шахсларнинг турар ҳамда нотурар кўчмас мулк объектларига солинадиган мол-мулк солиғи ставкаларини 10% га ошириш режалаштирилмоқда.

Шу билан бирга, юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғининг базавий ставкалари ўртача 10 % индексация қилинмоқда.

2025 йил 1 январдан якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий белгиланган миқдорлардаги солиқ ставкаларини инфляция даражасидан келиб чиқиб 10% га оширилмоқда.

Қуйидаги солиқ ставкалари эса ўзгаришсиз қолмоқда:

• Фойда солиғининг базавий ставкаси — 15%;
• Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи — 12%;
• Қўшилган қиймат солиғи — 12%;
• Ижтимоий солиқ — 12% (буджет ташкилотлари учун 25%);
• Айланмадан олинадиган солиқнинг базавий ставкаси — 4%;
• Юридик шахслар мол–мулк солиғи — 1,5%.

Иқтисодиёт