Тошкентдаги банкдан пул ўғирлаган жиноий гуруҳ қўлга олинди
Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги банклардан бирида $90 минг ўғирланди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2025 йил 18 июнь куни Tenge Bank’нинг чакана хизматлар кўрсатиш бўлими бошлиғи томонидан туман Ички ишлар органларига номаълум шахслар банкдан пул маблағларини талон-торож қилгани ҳақида ариза келиб тушган.
Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида бир гуруҳ шахслар банкка мижоз сифатида кириб, банк картасидаги $90 мингни POS-терминал орқали ёлғон ахборот киритиш йўли билан нақдлаштириб олгани аниқланган.
Тезкор чора-тадбирлар натижасида ушбу жиноятга алоқадор гуруҳ аъзолари қўлга олинди. Улардан 12 дона мобил телефон, POS-терминал қурилмаси, 9 та банк картаси, 1 млн 670 минг сўм ҳамда $36 495 миқдоридаги нақд пул ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Жиноят иши доирасида жами 9 нафар шахс Жиноят-процессуал кодекснинг 221-моддаси тартибида ушланган. Ҳолат юзасидан суриштирув ишлари давом этмоқда.