Кенияда блогернинг ўлими ортидан норозилик намойишлари ўтказилди
Кения пойтахти Найробидаги полиция ҳибсхонасида 31 ёшли блогер Алберт Омонди Ожуангнинг вафоти жамоатчилик норозилигига сабаб бўлди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Қайд қилинишича, блогер юқори лавозимли полиция ходимини танқид қилгани учун Хома-Бей шаҳрида қўлга олиниб, Найробига олиб кетилган ва у ерда оғир бош жароҳатлари оқибатида ҳаётдан кўз юмган.
Расмийлар Ожуанг ҳибсхонада ўзини деворга уриб жароҳат етказганини билдирган бўлса-да, суд-тиббий экспертиза унинг бошига ташқи куч таъсири билан зарба етганини кўрсатган. Жамоатчилик полиция баёнотига ишонмай, воқеани жанубий Африкадаги апартеид давридаги зўравонликларга ўхшатмоқда.
9 июнь намойишлар Найробида бошланиб, марҳумнинг жасади сақланаётган морг ёнида давом этган.Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари мустақил тергов ўтказилишини талаб қилиб, полициянинг зўравон ҳаракатларини кескин қоралаган.
Суд тизими қатл қуроли бўлмаслиги керак. Жазосизликка чек қўйиш зарур, — деди Халқаро юридик комиссиянинг Кения бўлими раҳбари Протас Саэнде.
Блогернинг ўлими мамлакатда 2023 йилда солиқларнинг оширилишига қарши норозилик акциялари вақтида айбланган полиция зўравонлигининг навбатдаги ҳолати сифатида кўрилмоқда. Ўшанда камида 39 киши ҳалок бўлган, кўплаб одамлар бедарак йўқолган.