Тошкентдаги боғчада тарбияланувчи иккинчи қават зинасидан йиқилиб тушди
Ижтимоий тармоқларда Чилонзордаги боғчада 5 ёшли бола зинадан йиқилиб тушгани ҳақида хабар тарқалди. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълумот берди.
Қайд қилинишича, 30 июнь куни соат 09:45 атрофида Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги 7-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида тарбияланувчи 5 ёшли Р.И. назоратсизлик оқибатида иккинчи қават зинасидан йиқилиб тушган.
Воқеа содир бўлганидан сўнг, боғча ҳамшираси боланинг аҳволини баҳолаб, унга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатган ва уни 16-сонли шаҳар болалар шифохонасига етказган.
Шифокорлар томонидан болага «икки қўл билак соҳаси синиши, бурун суяк соҳаси синиши, юқори жағ курак тишларининг алиёнлари осиғининг синиши» дастлабки ташхиси қўйилган.
Бола оғир аҳволда бўлгани сабабли жонлантириш бўлимига ётқизилган, аҳволи яхшилангач, умумий палатага кўчирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор туман ИИБ томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.