Зироат Мирзиёева Самарқандда болалар учун янги марказнинг очилишида иштирок этди
Марказда даволовчи жисмоний тарбия, нутқ ва майда моторикани ривожлантириш, сенсор интеграция машғулотлари, физиотерапия ва бошқа муолажалар ўтказилади

Самарқандда «Болалар фаровонлигига инвестициялар: келажак авлодлар учун барқарор ва адолатли тараққиёт йўлида» халқаро саммити доирасида «IMKON» марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон биринчи хоними Зироат Мирзиёева, шунингдек, саммитда иштирок этаётган биринчи хонимлар ва юқори мартабали меҳмонлар қатнашди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимига кирувчи ушбу марказда мактабгача таълим, коррекцион-педагогик ёрдам ва комплекс реабилитация уйғунлаштирилади. Ҳар бир бола учун дастур унинг индивидуал эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда тузилади. Ота-оналар боласи эгаллаган кўникмаларни уйда мустаҳкамлаш учун мутахассислардан тавсиялар олиши мумкин.
Мактабгача таълим бўлими 150 ўринга мўлжалланган бўлиб, 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун 10 та ихтисослаштирилган гуруҳни ўз ичига олади. Амбулатор бўлимда эса 2 ёшдан 18 ёшгача бўлган ойига 100 нафарга яқин бола реабилитация курсларидан ўтиши мумкин.

Марказда даволовчи жисмоний тарбия, нутқ ва майда моторикани ривожлантириш, сенсор интеграция машғулотлари, физиотерапия ва бошқа муолажалар ўтказилади. Бу ерда етти йўналишдаги шифокорлар, дефектолог педагоглар, логопедлар, психологлар, реабилитация мутахассислари ва бошқа ходимлар фаолият юритади.
Самарқанддаги марказ Нукус, Қибрай, Қарши ва Зарафшондаги муассасаларни ҳам ўз ичига олган «ИМКОН» тармоғининг янги бўғинига айланди. 2025-йилда тармоқ муассасаларида 546 мингдан ортиқ муолажа ва машғулот ўтказилиб, 3 777 нафар бола амбулатор реабилитациядан ўтган.
Хусусан, тармоқни кенгайтириш давом этмоқда. Фарғонада марказ қурилиши бошланган, Наманганда ва Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида ҳам шундай муассасалар барпо этиш режалаштирилмоқда.




