Сирдарёда эркак ўғирликка тушган уйида аёлни бир неча маротаба пичоқлаб ўлдирди

Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида эркак ўғирликка тушган уйида аёлни бир неча маротаба пичоқлаб ўлдирди.

Маълум қилинишича, жиноят ишлари бўйича вилоятнинг Гулистон шаҳар судида ушбу жиноят иши кўриб чиқилган ва суд ҳукми ўқилган. Судланувчи сардобалик бўлиб, муқим иш жойига, касб ёки ҳунарга эга эмас. Ичкиликка рўжу қўйган эркак ўғриликни одат қилган. Энг аввало, маҳалладошларини тунашни режалаштирган.

Ўзига тўқ хонадонлардан бир нечтасини кўз остига олиб, дастлабки жиноятни маҳалладоши Г.нинг уйидан бошлаган. Тунда мўлжалидаги уйнинг деразасидан ичкарига кириб, ухлаб ётган Г.нинг бўйнидаги тилла тақинчоқни олмоқчи бўлган. Шу пайт аёл уйғониб қолган. Эркак эса унга кўп маротаба ўзи билан олиб борган ошхона пичоғи билан зарба берган. Оқибатда аёл шу жойнинг ўзида олган тан жароҳатлари сабаб вафот этган. Ўғри воқеа жойидан қочган, аммо тезда қўлга тушган.

Келтирилишича, мазкур жиноят ишида судья М.Омонов тўпланган далиллар, судга оид экспертиза хулосалари ва гувоҳларнинг кўрсатувларини ўрганар экан, судланувчининг айбига иқрорлик сўзини ҳам эшитган. Мавжуд далиллар Б.Т.нинг айбдор эканини тўлиқ исботлаган. Судланувчига 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Янгиликлар