Тошкентда эҳсонга деб фирибгарлик билан пул йиққан шахслар аниқланди
Тошкент шаҳар Чилонзор туманида фуқаролардан фирибгарлик йўли билан пул йиққан шахсларнинг шахси аниқлангани ҳақида шаҳар ИИББ маълум қилди.
5 июль куни Чилонзор туманидаги боғлардан бирида 2004 йилда туғилган Ш.С., 2001 йилда туғилган С.С. ва 2004 йилда туғилган Т.А. фуқаролар билан суҳбатлашиб, интервью олиш баҳонасида улардан масжид қурилиши, ногиронларга ёрдам кўрсатиш каби важлар билан пул йиққани аниқланган.
Тезкор чора-тадбирлар натижасида уларнинг шахси аниқланган ва ашёвий далил сифатида жамғарилган пул маблағлари холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Жиноят кодексининг 168-моддасига кўра, олдиндан тил бириктириб содир этилган фирибгарлик учун катта миқдорда жарима, ахлоқ тузатиш ишлари ёки озодликни чеклаш ҳамда озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.