Макрон Франция Фаластин давлатини расман тан олишини маълум қилди
Франция президенти Эммануэл Макрон сентябрь ойида Фаластин давлатини расман тан олади. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Макроннинг айтишича, тан олиш тўғрисидаги баёнот БМТ Бош ассамблеясининг навбатдаги сессиясида эълон қилинади. Шу орқали Франция G7 давлатлари ичида Фаластинни тан олган биринчи мамлакатга айланади.
Франция раҳбари Хъдаги саҳифасида қуйидагича ёзган: Ғазодаги урушни зудлик билан тўхтатиш, гаровдагиларни озод қилиш ва аҳолига гуманитар ёрдам кўрсатиш лозим. Франция Фаластин давлатини тан олади. HAMAS қуролсизлантирилиши, Ғазо хавфсиз ҳудудга айлантирилиши ва тикланиши керак. Фаластин давлатчилиги барқарор тинчлик учун зарур.
Макрон ушбу қарорини Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббосга мактуб орқали ҳам билдирган. Фаластин расмийлари, жумладан, Аббоснинг ўринбосари Ҳусайн Ал-Шайх бу қарорни олқишлаб, уни «халқаро ҳуқуққа содиқлик ифодаси», деб атади.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху эса бу қарорни кескин танқид қилди ва уни «терроризмни мукофотлаш» , деб баҳолади. АҚШ Давлат департаменти номидан Марко Рубио ҳам Макроннинг баёнотига салбий муносабат билдирди.
Маълумот учун, Фаластин давлатини ҳозирга қадар БМТга аъзо 193 давлатдан 140 дан ортиғи тан олган. Европа Иттифоқи аъзолари орасида Испания, Ирландия ва яна бир нечта давлат Фаластинни тан олган, бироқ АҚШ ва Буюк Британия бу борада қарор чиқармаган.