Фарғонада 414 дона маиший газ баллон талон-тарож қилинди

Фарғона вилояти Бувайда туманида 414 дона маиший газ баллонлар талож-тарож қилингани аниқланди. Бу ҳақида «Ҳудудгазтаъминот» хабар берди.

Маълум қилинишича, Фарғона вилояти Бувайда туманида 14 октябрь куни ўтказилган рейд тадбирларида туманнинг «Деҳқонобод» ва «Дўстлик» МФЙларида суюлтирилган газ баллонларини ноқонуний сақлаш учун мўлжалланган «бункер»лар аниқланди.

Хусусан, «Деҳқонобод» МФЙда фуқаро А.Т.га тегишли нотурар жойда 69 та, фуқаро Э.Ф. хонадонида 35 та «Ҳудудгаз Фарғона» газ таъминотига тегишли маиший газ баллонлари топилган. Фуқаро А.К. маҳалладаги нотурар жойда «бункер» ташкил қилган ва у ерда 110 та маиший газ баллони аниқланган.

Шунингдек, «Дўстлик» МФЙда жойлашган фуқаро А.Т.га тегишли нотурар жойда Т.Ҳ. томонидан «бункер» ташкил этилган ҳолда, 200 дона газ баллони сақланаётгани маълум бўлган.

Тадбирлар давомида жами 414 дона (314 таси суюлтирилган газ билан тўлдирилган) маиший газ баллонларидаги 6,2 минг кг суюлтирилган газ маҳсулоти талон-тарож қилинишининг олди олинди.

Ҳолатлар юзасидан тегишли тартибда далолатномалар тузилган ва барча ҳужжатлар ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилган, дейилади хабарда.

Ўзбекистон