Фарғонада 5,6 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган оҳак цехи аниқланди
Марғилон шаҳрида ноқонуний оҳак ишлаб чиқариш цехи газдан яширинча фойдаланаётгани маълум бўлди. Текширувларга кўра, ушбу цех 5,6 млрд сўмлик табиий газни ўғирлаган. Бу ҳақида Бош прократура Тelegram саҳифасида хабар берди.
Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида энергия ресурсларини талон-тарож қилишни ўрганишга қаратилган назорат тадбирлари ўтказилаётганини Бош прократура матбуот хизмати қайд этган эди.
Ушбу рейд давомида шаҳарнинг Кичик саноат зонаси ҳудудидаги ноқонуний оҳак ишлаб чиқариш цехи аниқланган. Нотурар жойда фуқаро Т.М. ва бошқалар биргаликда ушбу цехни ташкил қилишган. Улар қўлбола газ қурилмасини (горелка) ўзбошимчалик би ер остидан ўтган газ қувурига яширин равишда улаб, 5 млрд 604 млн сўмлик (2 млн 155 минг куб метр) табиий газни ўғирлаган.
Айни пайтда, фуқароларга қарши Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, судланувчилар процессуал тартибда ушланган, дейилади хабарда.
Бош прократура энергия ресурларидан қонуний фойдаланишга ва давлат мулки талон-тарож қилмаслик кераклигини эслатиб, рейдлар давом этаётганини таъкидлаган.