Чет элга ишга юборишни ваъда қилган фирибгарлар қўлга олинди
Тошкент шаҳри Чилонзор туманида АҚШга, Самарқанд шаҳри Қўшработ туманида эса Англияга ноқонуний ишга юборишни ваъда қилган шахслар ушланди. Бу ҳақида Прократура департаменти хабар бермоқда.
Чилонзор туманида ДХХ ва ИИББ ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди. Унда А.Н ва Д.И фуқаролар А.Ж нинг ишончига кириб, уни танишлари орқали ноқонуний йўл билан Америкага ишга юборишни ваъда қилган. Эвазига эса 14 минг АҚШ доллар олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Департаментнинг Қўшработ туманида ўтказилган текширув доирасида фуқаро Ф.У ҳам қўлга олинди. У гўёки юқори лавозимда ишлайдиган танишлари ёрдамида Англияга ишга юборишни айтган, эвазига эса 2500 АҚШ доллари ва 2,5 млн сўм талаб қилган.
Айни пайтда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари ҳали ҳам давом этмоқда.