Фарғонада танишини босиб кетган ҳайдовчига суд ҳукми ўқилди

Фарғона вилоятида таниши билан келиб чиққан жанжалдан сўнг уни атайлаб босиб кетган ҳайдовчига суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Zamon дастурида хабар берилди.

Ҳодиса натижасида жабрланувчи оғир тан жароҳати олиб, шифохонада вафот этган.

Тергов материалларига кўра, илгари икки маротаба судланган, Қўқон шаҳрида яшовчи фуқаро бегона номда расмийлаштирилган Onix русумли автомобилда маҳалладошининг дўкони ёнига келиб, сигнал берган. Дўкон эгаси бироз кеч чиққани сабабли улар ўртасида тортишув келиб чиққан. Шундан сўнг ҳайдовчи дўконга кириб бориб, уни бўққан ва дўкондан икки шиша сув олиб, воқеа жойидан кетган.

Дўкон эгаси эса акаларини чақирган. Орадан тахминан ярим соат ўтиб, ҳайдовчи яна қайтиб келган ва светофор олдида тўхтаб турган дўкончининг акасини автомобиль билан атайлаб урган. Жабрланувчи машина остида қолганига қарамай, ҳайдовчи автомобилни яна олдинга ҳаракатлантириб, уни ғилдираклар билан эзиб юборган.

Жабрланувчи ўн кун ўтиб шифохонада вафот этган.

Суд ҳайдовчини айбдор деб топиб, унга 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.

 

Фарғона