Самарқандда аҳоли яшаш жойида 130 км/соат тезликда ҳаракатланган ҳайдовчи ушланди
Автомобиль рулида ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган йигит бўлган

Ижтимоий тармоқларда «Cobalt» ҳайдовчиси тор кўчада катта тезликда ҳаракатлангани акс этган видеолавҳа тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати изоҳ берди.
Тегишли видеолавҳа Ургут туманидаги маҳаллалардан бирида суратга олинган. Қоидабузарнинг дўстлари видеоёзувни ўз саҳифаларига жойлаштирган ва бу ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига ҳайдовчининг шахсини тезкорлик билан аниқлашга ёрдам берган.
Аниқлик киритилишича, транспорт воситаси рулида ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ёш йигит бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси (Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши) ва 128-3-моддаси (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириши) бўйича баённома расмийлаштирилиб, ҳужжатлар судга юборилди.





